Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги ташаббус билан чиқди. Унга кўра, жорий йил 1 февралдан 1 мартгача юртимизда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу даврда мамлакатимиздаги аграр соҳа ходимлари — фермерлар, деҳқон, боғбонлар, кластер ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, аввало, профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.
Текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.
Бунинг учун дастлаб аграр соҳа ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент ҳамда уларнинг оила аъзолари рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.
Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Тиббий кўриклар якунида:
- ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
- ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
- юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилади.
Аграр соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари орасида ҳомиладорлар, янги фарзандли бўлган аёллар, чақалоқлар, ётиб қолган, кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор шахслар бўлса, ушбу қатлам оила шифокори ва оила ҳамширалари томонидан патронаж қилиниб, зарур ҳолларда тор соҳа мутахассислари иштирокида хонадонларнинг ўзида кўриклар амалга оширилади.
Шунингдек, тиббий текширув натижалари бўйича меҳнатга қобилиятини турғун йўқотган, организм функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланиши аниқланган қатламга ногиронликни белгилаш учун тегишли органга йўлланмалар берилади.