Хабар берганимиздек, Қарши тумани ҳокими бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига амалий ташриф билан борди.
Ушбу ташриф аввалида Цзыбо Мэри Чжао Цинвэнь билан туман ҳокими Бехзоджон Юсуповнинг учрашуви ўтказилди.
Учрашувда туман ҳокими мамлакатимизда хусусан Қашқадарё вилоятида бугунги кунда инвесторлар фаолият олиб боришлари учун яхши шароитлар яратилганлиги, инвесторлар учун офислар ташкил қилиниб, уларга барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари яратилиб, улар фаолиятларини ривожлантириш учун беғараз ёрдамлар ва юқори имкониятлар ҳамда Қашқадарё вилоятида Хитой компаниялари томонидан амалга оширилган йирик лойиҳалар бўйича маълумот тақдим этди. Ўз навбатида Цзыбо Мэри Чжао Цинвэнь томонидан Хитой Халқ Республикасининг 2000 минг йиллик тарихига эга бўлган Цзыбо шаҳри, ўзига хос хусусиятга эга шаҳарнинг 8 та Цзычуань, Чжандянь, Бошань, Линьцзы, Чжоуцунь, Хуаньтай, Гаоцин, Июань каби туманлари иқтисодиёти бўйича маълумотлар берилди.
Учрашув натижасида Қарши тумани ҳамда Цзыбо шаҳарлари ўртасида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, инновацион лойиҳалар, рақамли технология, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, савдо, маданият, туризм, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича англашув меморандуми ҳамда ҳамкорлик келишуви имзолашга келишилди.
Учрашув сўнггида туман раҳбари Цзыбо шаҳри мери Чжао Цинвэнни Қашқадарё заминига таклиф этиб, инвесторлар учун барча қулайликлар яратиб берилиши кафолатланишини билдириб ўтди.
Маълумот учун, Хитой Халқ Республикасининг 2000 минг йиллик тарихига эга бўлган Цзыбо шаҳри ривожланган текстиль саноати, кўмир қазиб чиқариш, дори-дармон, қурилиш маҳсулотлари, яшил энергия ва ойна маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда яна бир қанча соҳалар юқори даражада ривожланганлиги билан аҳамиятлидир.
Т.Турдиев,
Қарши тумани ҳокими матбуот котиби.