ДХХ хабарига кўра, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида яшовчи 1983 йилда туғилган фуқаро наслли чорвани ривожлантириш мақсадида Қарши туманида истиқомат қилувчи қариндоши раҳбарлик қилаётган МЧЖ номига 2021 йилнинг март ойида акциядорлик тижорат банкидан 450 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олади.
Лекин, имтиёзли кредит мақсадли йўналтирилмаганлиги сабабли Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қарши тумани бўлими томонидан ЖКнинг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Қарши тумани прокуратурасига юборилади.
Туман прокуратураси терговчиси иш юритувига берилган ушбу жиноят иши доирасида, жорий йилнинг 26 март куни кредит олган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилади.
Бундан ташқари, шахсий бойлик орттиришни мақсад қилган терговчи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, кредит ажратилган МЧЖ раҳбари бўлган аёлга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик эвазига, таъмагирлик йўли билан ундан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, терговчи сўралган пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда Қарши тумани прокуратураси терговчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.