Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Qashqadaryo 24/7” каналида эълон қилинган постга муносабат
Ушбу хабарда Қарши-Бешкент йўналишида қатновчи йўналишсиз таксилар томонидан йўлкира кўтарилгани, аҳолига қулай бўлиши учун автобусларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлиши айтилган.
Шуни эътиборга олиб, вилоят транспорт бошқармаси раҳбарияти томонидан мазкур йўналишда қатновчи автобуслар сонини кўпайтириш чораси кўрилди. Аввал бу йўналишда 18 та автобус қатновни амалга оширган бўлса, бугундан 25 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади. Натижада оралиқ интервал ўртача 5-7 дақиқани ташкил этмоқда.
Эслатиш жоиз, ҳозирда Қарши тумани марказидан Қарши шаҳрига 15 та замонавий микроавтобус ҳам мунтазам йўловчи ташимоқда. Йўлкира киши бошига 2 минг сўм этиб белгиланган.
Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати