Кеча, Қарши туманида ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга, буюк аждодларимиз каби мард, жасур, ҳалол, жисмонан бақувват, билимли, ватанпарвар, қийин ва экстремал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлод этиб тарбиялаш мақсадида ўтказилувчи “Кўпкураш” ҳарбий-спорт мусобақаси вилоят босқичи баҳсларининг очилиш маросими ўтказилди. Унда вилоят раҳбари Муроджон Азимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар иштирокчиларга омад ва зафарлар ёр бўлишини ҳамда улар ҳақиқий ватанпарвар, ўз номига муносиб, юртга таянч ва суянч бўлишларини тиладилар.
Тантанали очилиш маросими давомида ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий оркестр чиқишлари, жанг саҳналари ҳамда хушовоз санъаткорларнинг чиқишлари мусобақаларни бевосита кузатишга келган мухлисларга катта қувонч улашди. Айниқса, улар орасида ҳарбий бўлиш иштиёқидаги ёш болаларнинг кўзларида ватанга қалбдан хизмат қилиш шараф эканлигини англатувчи нур порлади.
- Ҳарбий техника воситалари, қурол аслаҳаларини набирам кўрди, инструктор назорати остида қўлида кўтариб, суратга ҳам тушдик, - дейди тадбир иштирокчиларидан бири Даврон Орзиқулов. - Ҳам қизиқарли ҳам эсда қоларли кун бўлди. Набирамнинг қалбида ватанга садоқат билан хизмат қилиш, унинг ҳимояси учун лаббай дейиш каби ижобий фазилатлар шаклланганига аминман. Бу каби тадбирлар фарзандларимизнинг ватанпарвар бўлиб ўсишида жуда катта аҳамият касб этади.
Шу куни “Кўпкураш” ҳарбий-спорт мусобақаларининг Қарши тумани И сектор баҳслари ҳам бўлиб ўтди. Унда И секторга қарашли маҳалла ёшлари 5 та шарт асосида ўзаро куч синашдилар.