Сир эмаски, Қарши тумани марказида минглаб мухлисларни бир жойга жамлаган "Бешкент марказий ўйингоҳи" ўта абгор ҳолатга келиб қолганди. Туман ҳокими 2022 йил 11 феврал куни ушбу стадионда бўлиб, абгор ҳолатдаги манзаралардан ажабланганди.
Айни кунларда эса ушбу марказий ўйингоҳда катта футбол мусобақалари ўтказила бошланди. Бундан ташқари туманнинг "Бешкент" футбол жамоаси қайта шакллантирилиб, жамоа учун барча имкониятлар яратиб берилди. Қарши туманига орадан салкам 20 йил ўтиб катта футболни қайтаришда туман ҳокимининг улкан кўмагини айтиш жоиз.
Аҳамиятлиси, ушбу кўмак ўзининг ижобий натижасини узоқ куттирмаяпти.
- "Бешкент" футбол жамоаси Қашқадарё вилояти кубоги ярим финал иштирокчисига айланди, - дейди жамоа мураббийи Азиз Олимов. - Жамоамиз Қашқадарё вилояти маҳорат мактаби жамоасини икки ўйин натижасига кўра мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Жамоамизнинг бош мақсади суперлигада қатнашишдир.
Маълумот ўрнида, "Бешкент" марказий ўйингоҳини қайта қуриш ишлари айни вақтда ҳам жадал олиб борилмоқда. Стадионнинг суғориш тизимлари созланиб, чим аъло ҳолатга келтирилган. Яқин кунларда ушбу ўйингоҳ ҳам туманнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керак, ўйингоҳда туманимиз истеъдодли ёшлари учун спорт тўгараклари ҳам босқичма-босқич ташкил этилмоқда.