2022 йилда Қашқадарё маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинган мамлакатлар қаторидан Туркия, Россия, Эрон, Покистон ва Қирғизистон ўрин олган.
Вилоят статистика бошқармасининг расмий сайтида эълон қилинган дастлабки маълумотларга кўра, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида воҳамизда экспортёрлар сони 246 тани ташкил этиб, улар томонидан 303 миллион 381,1 минг АҚШ доллари қийматидаги (2021 йилга нисбатан 12,3 фоиз кўп) товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди.
Вилоят экспортининг асосий қисми (70 фоиздан ортиғи) Туркия (108,5 миллион доллар ёки экспорт умумий ҳажмининг 35,8 фоизи), Россия Федерацияси (64,1 миллион доллар ёки 21,1 фоиз), Эрон (15,9 миллион доллар ёки 5,2 фоиз), Покистон (15,8 миллион доллар ёки 5,2 фоиз), Қирғиз Республикаси (15,2 миллион доллар ёки 5 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳамкор мамлакатларнинг тўрттасига Қашқадарё экспорти ҳажми олдинги йил билан таққослаганда кескин (1,4-1,8 баравар) ошди, фақат Покистонга йил давомида сотилган вилоятимиз маҳсулотлари умумий қиймати 2021 йилга солиштирганда қарийб 2,7 миллион доллар ёки 14,5 фоизга камайди.
Минг афсуски, ўтган йили биргина Покистон эмас, балки дунёнинг яна бир қатор мамлакатларига Қашқадарёдан етказиб берилган товар ва хизматлар ҳажми муайян даражада, хусусан, Чех Республикасига 2021 йилга нисбатан 6,2 фоизга, Афғонистонга 9 фоизга, Қозоғистонга 21,3 фоизга, Хитойга 54,5 фоиз, Тожикистонга қарийб 4 баравар, Украинага 5 баравар, Туркманистонга 7 баравар кам бўлди.
Бошқа бир қатор йўналишларда экспорт ҳажми, аксинча, ўсиб борди. Масалан, вилоятимиздан Бирлашган Араб Амирликларига маҳсулот сотиш 9,5 фоизга, Сингапурга 12,2 фоизга, Молдовага 20,1 фоизга, Беларусга 40,1 фоизга, Мисрга 46,6 фоизга, Польшага 56,9 фоизга, Германияга 63 фоизга, Ҳиндистонга 2,4 баравар кўпайди.
Вилоятимиз шаҳар ва туманларининг жами Қашқадарё экспортидаги улушларини кўриб чиқадиган бўлсак, бу борадаги энг салмоқли кўрсаткичлар Қарши тумани (қарийб 93,1 миллион доллар ёки 30,7 фоиз) ва Косон тумани (қарийб 39,1 миллион доллар ёки сал кам 12,9 фоиз) ҳамда Қарши шаҳрида (28,6 миллион доллар ёки 9,4 фоиз) қайд этилган. Воҳамиз экспорт хазинасига энг кам улуш қўшган шаҳар ва туманлар рўйхатидан эса Ғузор (8,2 миллион доллар ёки 2,7 фоиз) ва Кўкдала (3,1 миллион доллар ёки 1 фоиз) туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳри (2,9 миллион доллар ёки 1 фоиздан ҳам камроқ) жой эгаллаган.
Экспорт ҳажмининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари бўйича 2022 йилда яққол етакчилик Нишон туманига тегишли, ушбу ҳудудда мазкур кўрсаткич 13,2 баравар кўпайган. Энг кескин камайиш эса Ғузор туманида (46,6 фоизга) кузатилган.
Вилоятимизга ўтган йил давомида импорт қилинган маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 2021 йилдаги тегишли рақамга нисбатан 51,6 миллион доллар ёки 17,4 фоизга камайиб, 244,1 миллион долларни ташкил қилди ва бу республика ҳудудлари орасидаги энг паст кўрсаткичлардан бири саналади.
Қашқадарё импортининг асосий қисми (қарийб 70 фоизи) бешта мамлакат - Хитой Халқ Республикаси (76,1 миллион доллар ёки 31,2 фоиз), Туркия (31,1 миллион доллар ёки 12,7 фоиз), Россия (28,7 миллион доллар ёки 11,8 фоиз), Қозоғистон (16,5 миллион доллар ёки 6,8 фоиз) ва Германия (16,4 миллион доллар ёки 6,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда. Қизиғи, воҳамизнинг импорт борасидаги тўртта энг йирик ҳамкоридан йил давомида сотиб олинган товар ва хизматлар ҳажми олдинги йил билан солиштирганда муайян даражада пасайган. Масалан, Хитой билан импортимиз 3,5 фоизга, Туркия билан 36,5 фоизга, Россия билан 17,8 фоизга, Қозоғистон билан 15,8 фоизга камайган бир пайтда, Германиядан харидларимиз 1,4 баравар ошган.
Шу билан бирга Корея Республикасидан Қашқадарёга импорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 10,7 фоизга, Эрондан 26,8 фоизга, Тожикистондан 82,9 фоизга, Ҳиндистондан 2,8 баравар, Беларусдан 3 баравар, Қирғиз Республикасидан 6,6 баравар ошган.
Вилоят импортида шаҳар ва туманлар улушининг салмоғи бўйича юқори поғоналарда Қарши шаҳри (52,3 миллион доллар ёки 21,4 фоиз), Китоб (40,2 миллион доллар 16,5 фоиз) ва Қарши (31,6 миллион доллар ёки 12,9 фоиз) туманлари жойлашган бўлса, қуйи поғоналардан Қамаши (3,8 миллион доллар ёки 1,6 фоиз), Чироқчи (2,9 миллион доллар ёки 1,2 фоиз) ва Кўкдала (1,2 миллион доллар ёки 0,5 фоиз) туманлари ўрин олган.
2022 йилда вилоятимиз ташқи савдо айланмаси ҳажми импортдаги пасайиш эвазига 3,2 фоизга камайиб, 547,5 миллион долларга тенг бўлди. Ташқи савдо айланмаси ижобий сальдоси 59,3 миллион долларни ташкил этди. Ваҳоланки, кейинги 10 йил давомида Қашқадарёда экспорт ва импорт ўртасидаги тафовут фақат манфий бўлган ва охирги марта воҳамизда ижобий ташқи савдо баланси 2011 йилда қайд этилган.
Темур НИЗОМОВ.