Қарши тумани раҳбарлари хорижда бўлиб турган ҳамда қайтган фуқаролар билан мулоқот ўтказди.
Онлайн мулоқотда туман раҳбари туманимизда ишлаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аниқ бизнес ғоялари мавжуд фуқароларимизга амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
- Туманимиз сўнгги йилларда улкан бунёдкорлик-қурилиш ишлари марказига айланди. Жумладан, жорий йилда кўплаб турар-жойлар қурилди, маҳаллалар обод бўляпти, ижтимоий муассасалар чирой очмоқда. Кичик, ўрта ҳамда йирик тадбиркорлар, йирик инвестицион лойиҳалар катта қувватда ишга тушириляпти. Табиийки, шундай бир паллада ҳалол меҳнаткаш, илми, маърифати бор бўлган ёшлар, фуқароларимизга талаб катта. Дунёқараш ўзгарганлиги аниқ, мақсади бор, аниқ таклифи бор фуқароларимиз доимий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Давлатимиз бунинг учун барча зарур шароитни яратиб берган. Ўтган галги суҳбатдан ҳам яхши натижалар бўлди. Бу галги мулоқотдан ҳам мақсадимиз туман ривожи, фуқароларимизнинг фаровонлиги, иқтисодий натижаларимиз яхшиланишидир. Айниқса, янги замонавий ғояларни туманимизда татбиқ этиш менинг катта мақсадим, хорижда юрганлар билан ишлашда туман тажрибасини яратиш ушбу учрашувларимизнинг мағзи-мазмунидир, - деди туман раҳбари онлайн мулоқот аввалида.
Суҳбат давомида онлайн мулоқотда иштирок этган юртдошларимизга бўш иш ўринлари ҳақида маълумот тақдим этилиб, хориждан қайтиш истагидаги 15 нафар тумандошимизга муносиб иш ўринлари таклиф этилди.
Хусусан, ҳайдовчилик бўйича анча йиллик тажрибаси бўлган ҳозирги кунда Москва шаҳрида меҳнат қилаётган Юлдошев Фахриддин учрашувда туман раҳбарига бугунги учрашувдан жуда мамнунлигини, хорижда ишлаш машаққатини, заҳматини кўп йил чеккан мусофир сифатида ўз уйига қайтиш ниятида эканлигини билдирди. Унинг ҳайдовчилик бўйича малакаси инобатга олиниб, “Enter Engineering Pte.Ltd” компаниясига ишга жойлашишида кўмак берилиши таъкидланди. Тумандошимиз эса малакаси ва меҳнатига қараб, 7-8 миллион сўмлик маошли ишга жойлашадиган бўлди.
Шунингдек, 40 га яқин мурожаатлар шу жойнинг ўзида тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан ижрога қаратилди.
Туман раҳбари мулоқотда туманимиз маркази "Ақлли шаҳар"га айланаётганлиги боис айниқса IT (айти) мутахассисларига талаб юқорилигини, бундан ташқари қурилиш ишлари (пайвандловчи, электр монтёр, механик, чилангар, токарь, оператор ва бошқа), оғир юк машина ҳайдовчилари ва бошқа қатор мутахассисликларда туманимизда ишчи ўринлари етарли эканлигини билдириб ўтди.
Маълумот ўрнида, ушбу каби онлайн мулоқотлар ҳар ойда камида бир маротаба ўтказиб борилмоқда. Бундан ташқари, хорижда юрган фуқароларимиздан таркиб топган ижтимоий тармоқдаги гуруҳ орқали мурожаатлар доимий ўрганилиб, мурожаатларга ечим топиб борилмоқда.
Хориждаги фуқароларимиз учун фойдали ҳаволалар: ????
@qarshithokimigamurojaatbot;
@Qarshitumanchetdagi_yoshlar.
@qarshitumaniuz
Т.Турдиев,
Қарши тумани ҳокимининг
матбуот котиби