Кейинги пайтда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми алимент ундируви ва моддий таъминлаш билан боғлиқ ижро ҳужжатларига оид бўлмоқда. Шу боис, бугун туман ҳокимлигида туман ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, бугунги кунда масъул ташкилотлар ўртасида етарлича ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги, айрим камчиликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, туман бўйича алимент тўловчи 1506 нафар шахсларнинг қарийб 938 нафари яъни 62 фоизидан ортиғи ишсиз шахсларни ташкил қилмоқда.
- Оила барқарорлигида иқтисодий масалалар катта аҳамият касб этади, - деди туман ҳокими. - Эътибор беринг, агар оила иқтисодий томонлама тўкин бўлса, ажрашиш ҳолатлари жуда кам учрайди. Бугунги қўшма фармойиш билан бандлик ва бошқа тегишли ташкилотлар зиммасига асосан меҳнатга лаёқатли алимент тўловчиларни фойдали меҳнат билан банд бўлишларини таъминлаш, нотинч, ажрашиш учун мурожаат қилган оилаларнинг маънавий ҳолати билан бир қаторда иқтисодий ҳолатини ҳам ўрганиш ва бошқа муҳим масалалар юкланаяпти.
Тадбир сўнггида алимент ундируви, меҳнатга лаёқатли алимент тўловчиларни бандлигини таъминлаш, бунда меҳнат ярмаркалари ташкил этиш, қидирув эълон қилинган қарздорларни топиш, нотинч, ажрашиш учун мурожаат қилган ёки ажрашган оилалар, алимент тўловчилар ҳамда уларнинг собиқ турмуш ўртоқлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларни яратиштириш чораларини кўриш ҳамда тарғибот тадбирларига катта эътибор қаратиш каби масалаларни ўз ичига олган қўшма фармойиш қабул қилинди.