Қарши тумани ҳокимлигида 11-синфни тамомлаган битирувчилар бандлигини таъминлаш мақсадида туман хокими ва ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Жўрабек Норалиев иштирокида битирувчилар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда раҳбарлар битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ОТМларга кириш учун тайёрланган битирувчилар келгуси йилда ҳам ОТМларга топшириш учун илм олиш йўлида изланиши каби муҳим мавзуларда суҳбатлашди.
- Инсон учун энг муҳими вақтдир, - деди туман раҳбари. - Ҳар куни ўзигизга савол беринг, "бугун қандай ҳаракат қилдим, нимага эришдим" деб, сиз учун ҳозирги вақтингиз энг муҳим палла, шу вақтда биз сизлар билан учрашиб, тўғри йўл-йўналиш топиб беришимиз бугунги ёшларни ҳар томонлама қўлловчи давлатимизнинг бизга юклатган вазифасидир.
Эътиборлиси, учрашув давомида йиғилган битирувчиларнинг қарийб 90 фоизи ўз хоҳиш-истакларини раҳбарларга эркин билдиришди. Шунга кўра, улар қизиқишларига боғлиқ йўналишларда бандлиги таъминланиши бўйича тегишли топшириқлар масъулларга қатъий топширилди.
Таъкидлаш керак, жорий йилда туманимиздаги мактабларни 2 910 нафар ўқувчи тамомлади. Шундан 793 нафар ўқувчи мамлакатимиздаги ОТМларига, қувонарлиси, 9 нафар битирувчи чет эллардаги ОТМларига қабул қилинди. Бундан ташқари 600 дан ортиқ ёшлар хусусий ОТМлари ҳамда техникум ва коллежларда таҳсил олмоқда.