Хабарингиз бор, Қарши тумани “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий кўп қаватли уйлардан иборат кичик шаҳарча қад ростламоқда. Бу ерда сўнгги 2 йил давомида бунёд этилган ва айни вақтда қурилиши давом этаётган янги уйларда 380 та оила турар-жой билан таъминланади.
Ўтган йилда мазкур маҳалла фуқаролар йиғинидаги янги мавзеда 180 хонадондан иборат 9 та 5 қаватли замонавий турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ушбу ҳудудда яна 10 та кўп қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда. Туман аҳли учун яна бир яхши янгилик сифатида турар-жой биноларида энерготежамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда тўлиқ қуриб битказилган 6 дона биноларга уй хўжаликларида кичик қувватли қуёш панелларини (умумий қуввати 50 кВтгача) ўрнатилди.
Таъкидлаш жоизки, туманимизда кўп қаватли уйлар қурилиши йилдан-йилга жадаллик билан ўсиб бормоқда. Сўнгги икки йил давомида “Чаман” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам 360 оила учун 18 та арзон кўп қаватли уй-жойлар қуриб битказилди.