Қарши туманида 100 дан ортиқ зиёратгоҳ ва қадамжолар мавжуд бўлиб, шулардан бири Сахтапиёз қишлоғи масжиди ҳудудида жойлашган Муҳаммад ибн Ато ан-Насафий ас Сакабадёзавий зиёратгоҳидир. Ушбу зиёратгоҳ бевосита Муҳаммад ибн Ато ан-Насафий ас Сакабадёзавий номлари билан боғлиқдир.
Сахтапиёз қишлоғи тарихи Муҳаммад ибн Ато ан-Насафий ас Сакабадёзавий исмли улуғ аллома номлари билан чамбарчас боғлиқ. Муҳаммад ибн Ато ан-Насафий ас Сакабадёзавий бобомиз шу қишлоқдан бўлиб фақиқ, адиб ва исломшунос олимлардан бири бўлганлар. Тахминан 1000-1090 йилларда Сахтапиёз қишлоғида яшаб ижод қилганлар. Ҳижрий 482 йил (милодий 1090 йил)нинг раббиул аввал ойида вафот этганлар. Абу Ражо Қутайба ибн Муҳаммад ан Насафийдан таълим олганлар. Устозлари Абу Ражо Қутайба ибн Муҳаммад ан Насафий, Қутайба ибн Муслимни кейинги авлодларидан бири бўлганлар. Қутайба ибн Муслим 668 йилда Ироқда туғилиб 715 йилда Фарғонада вафот (668-715) этганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ни куёвлари Усмон ибн Аффон р.а билан биргаликда Ўрта Осиёга ислом дини, ислом қарашларини олиб келган исломшунос олим, енгилмас лашкарбошилардан бири бўлганлар. Бундан ташқари Муҳаммад Сакабадёз бобомиз Насафийларни энг улуғларидан бири бўлган Абу Муин Насафий (1027-1114) билан бир даврда яшаб ижод қилганлар. Ушбу маълумотлар тарихшунос ёзувчилар Шомурод Шароповнинг “Қашқадарё зиёратгоҳлари”, Рухиддин Акбаровнинг “Қарши туман тарихи” китобларида келтирилган.
Барчамизга маълумки Чор Россияси ва собиқ Иттифоқ даврида ҳужжатларни асосан русийзабон мутахассислари юритганлигини эътиборга олсак Сакабадёз номи кейинчалик бузиб талаффуз қилиниши ва ёзилиши натижасида Сахтапиёз бўлиб кетганлиги ойдинлашади. Сахтапиёз қишлоғи масжиди ҳудудида жойлашган зиёратгоҳда иккита қабр жойлашган бўлиб, биттаси ўзларига, иккинчиси фарзандларидан бирига тегишли деган тахминлар бор. Тарихшунос ёзувчи Шомурод Шароповнинг фикрларига кўра ҳозирги кунга қадар араб тилида ёзилган, ҳали таржима қилинмаган буюк алломаларимиз қўлёзма ва асарларида Муҳаммад Сакабадёз бобомиз ҳаёт ва ижод йўллари тўғрисида кўпгина маълумотлар мавжуд.
Қўзиев Ботирали Очилович,
Сахтапиёз қишлоғи фаоли