Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш эҳтиётсизликдан содир этилсада, бироқ келиб чиқадиган оқибатлари туфайли жамият учун хавфли бўлган жиноятлардан бири ҳисобланади. 2022 йилда Республика судларида 9883 та транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноят ишлари кўрилган.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб йўл-транспорт ҳодисаларини содир этиш оқибатида кишиларнинг бир умрга майиб мажруҳ бўлиб қолиши, ҳаётдан бевақт кўз юмуши каби оғир оқибатлар келиб чиқмоқда.
Қонунчилигимизда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишга қарши маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддасига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши;
ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Шунингдек, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одамлар ўлими келиб чиқса, ушбу модданинг 3-қисмида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган.
О.Шукуров,
Жиноят ишлари бўйича
Қарши тумани суди раиси