Президентимизнинг ПҚ-115 сонли ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимининг 199-4-0-Q/23 сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда футбол ва мини футбол спорт турини кенг оммалаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Қарши туманида эркаклар ва аёллар футболи ҳамда мини футбол бўйича футбол жамоалари ташкил этилади. Ушбу жамоаларнинг мусобақаларда мунтазам иштирок этиши таъминланади.
Шу ўринда, туманимизда футболни оммалаштириш учун улкан замин яратилганлигини яна бир бор эътироф этиб ўтиш жоиз. Хусусан, туманда неча йиллардан буён қаровсиз ётган Бешкент "Марказий" ўйингоҳи қайтадан янгиланди. Ушбу саъйи-ҳаракат ортидан маҳалла ёшлари ўртасида эндиликда турли спорт мусобақаларига туманимиз мезбонлик қилмоқда. Туман раҳбарининг мазкур қарори билан эса яқинда ташкил этилган "Бешкент" футбол клуби орқали профессионал футбол клублари учун сифатли ўйинчилар тарбиялаш, туманимиз ҳудудидаги иқтидорли ёш футболчиларни аниқлаш ҳамда барча ёш тоифасидаги тумандошларимизни оммавий футболга жалб этиш мақсадида зарур шарт-шароитлар кўриш мақсад қилинган. Ушбу қарор билан селекция ҳам туманимизда янада яхшиланади.
Шу ўринда яқиндагина ташкил этилган "Бешкент" футбол клубининг футбол бўйича "Қашқадарё вилояти ҳокими кубоги"да иккинчи ўринни қайд этганлиги ҳам туманимизда футболни ривожлантириш учун қилинган сайи-ҳаракатлар кўп ўтмасданоқ натижа бераётганлигидан далолат бермоқда.